КОНСТИТУЦИЯ – ИНСОН ШАЪНИ, ҚАДР-ҚИММАТИ ВА ҲУҚУҚЛАРИНИНГ МУСТАҲКАМ КАФОЛАТИ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил 8 декабрда Олий Кенгашнинг ўн иккинчи чақириқ ўн биринчи сессиясида қабул қилинган. Шу санадан эътиборан, Ўзбекистонда 8 декабрь умумхалқ байрами сифатида нишонланади.

2023 йил 30 апрель куни умумхалқ овоз бериш йўли билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган бўлса ҳам, 8 декабрь – Конституция куни сифатида сақлаб қолинди.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, Конституция қабул қилиниши баробарида мустақилликнинг мустаҳкам ҳуқуқий тамал тоши ўрнатилган.

Ўзбекистон Конституцияси яратилиши жараёнида қайсидир давлатдан кўр-кўрона кўчириб олинмаганини ҳам инобатга олиш керак. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституция эса энг тараққий этган давлатларнинг тарихий тажрибасига таяниб, шунингдек, миллийлик ҳисобга олинган ҳолда халқимиз томонидан яратилган, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Дунё мамлакатлари Конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқи қайд этилган. Ҳозирги кунда шу ҳуқуқлардан 90 таси янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди. Бунга ўша йили 30 апрель куни 11 та моддадан иборат тегишли қонуннинг қабул қилиниши асос бўлди. Бу қонуннинг 1-моддасига Конституциянинг янги таҳрири илова қилинган.

1992 йилда қабул қилинган Конституцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Конституциявий комиссия томонидан ишлаб чиқилган ўзгаришлар ҳажми ва нормалар сони кўплиги сабабли ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Яъни Бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Умуман олганда, янги таҳрирдаги Конституция олдингисига қараганда 65 фоизга янгиланган.

Янги таҳрирдаги Конституцияга энг муҳим 10 та йўналишда ўзгартиришлар киритилгани эътиборга молик.

Хусусан, Ўзбекистонда 2022 йилдан эътиборан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бошланган бўлиб, янги Конституция лойиҳасининг дастлабки шаклида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни хусусийлаштириш мумкин эмаслиги ҳақида норма киритилган эди. Муҳокамалардан сўнг эса бундай чеклов олиб ташланди ва ерни хусусийлаштиришга оид норма қуйидаги шаклда тайёрланди: “Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибида хусусий мулк бўлиши мумкин” (68-модда).

Конституциянинг 10-моддасига кўра, Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

Шунингдек, 11-моддада белгиланганидек, давлат ҳокимияти тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланган. Олий Мажлис қонун чиқарувчи вакиллик органи сифатида қонунларни қабул қилади, Вазирлар Маҳкамаси бошчилигидаги ижроия ҳокимияти уларнинг ижросини таъминлайди, судлар эса одил судлов органлари сифатида низоларни қонун асосида ҳал қилади. Ушбу органларнинг ҳар бири муайян доирадаги ваколатларга эга.

“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили – ўзбек тилидир”, – мазкур қоида 4-моддада қайд этилган. Республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ҳамда элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши таъминланади, уларнинг ривожланиши учун шарт-шароит яратилади.

Мамлакатда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга. Давлат ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди.

Конституция, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг ўз ватанида эркин ҳаракатланишлари, истаган жойларига кўчиб бориб, яшаш ҳуқуқларини ҳам кафолатлайди.

Асосий қонунда ҳар ким эркинлик ҳамда шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга экани кўрсатилган. Унга кўра, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланишига йўл қўйилмайди.

Жиноятда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда кўриб чиқилмагунча қийноққа солиниши, унга нисбатан зўравонлик, шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи ҳаракатлар олиб борилиши мумкин эмас.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мустақил давлатимизнинг ҳуқуқий асоси, биз – фуқароларнинг барча ҳуқуқларимиз қонун ҳимоясида бўлишининг мустаҳкам кафолатидир.

        

 

 

Дилшод ТУРҒУНОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш

бўлими етакчи мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech