“Al Harir” газетаси: Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари
АР-РИЁЗ, 29 ноябрь. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг “Al Harir” газетасида Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, академик Акмал Саидовнинг “Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, 2025 йил ёдда қоладиган муҳим воқеалар ва юбилей саналарига бой бўлди. Айниқса, жорий йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 80 йиллиги ҳамда ЕХҲК Хельсинки ҳужжатининг 50 йиллиги кенг нишонланаётгани алоҳида эътиборга моликдир.
БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида халқаро ҳамжамият мазкур халқаро ташкилот фаолиятини ислоҳ қилиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Бу ислоҳотлар самарадорликни ошириш имкониятларини аниқлаш, вазифаларни бажариш тартибини қайта кўриб чиқиш ҳамда эҳтимолий таркибий ўзгаришлар ва дастурларни қайта тузиш масалаларини ўз ичига олади.
Материалда айтилишича, инсон ҳуқуқлари – ҳозирги замон цивилизацияси тараққиётининг ўзига хос кўрсаткичидир. Афсуски, дунёда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий инқирозлар, иқлим ўзгаришлари, нарх-наво келишмовчиликлари, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш борасидаги тенгсизликлар, ўзаро ишончнинг йўқолиши каби муаммолар инсон ҳуқуқлари масалаларига ва 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалга ошириш жараёнларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳозирги даврда Янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар йўлидан дадил бормоқда, прагматик ташқи сиёсат юритмоқда, жаҳон ҳамжамияти билан очиқ ва фаол мулоқот олиб бормоқда. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айнан Ўзбекистонда ўтказилган сўнгги конституциявий ўзгаришлар мазмун-моҳиятини мухтасар таҳлил этадиган бўлсак, мазкур жараёнда халқнинг кенг иштироки – конституциявий ислоҳотларнинг биринчи ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Кенг жамоатчилик иштироки ва мазмунли мунозаралар таъминланган очиқ ва эркин жамоатчилик муҳокамасидан кейингина Конституцияга тегишли ўзгартиришлар ишлаб чиқилди.
Конституциявий ватанпарварлик тушунчасининг туб мазмун-моҳияти шуки, бунда фуқаролар ўз Ватани ва халқини, унинг тарихи, маданияти, азалий қадриятлари ва ҳуқуқий анъаналарини фақат севиш ҳамда ҳурмат қилиш билангина чекланиб қолмайди. Балки улар зиммасидаги конституциявий мажбуриятларни ҳалоллик ва улкан масъулият билан адо этиш орқали Конституцияда қайд этилган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга интилади”, – дея мақолага хулоса қилинган.
Ўзбекча
English
Русский