Энергетика дипломатияси: халқаро муносабатларнинг янги вектори (+видео)

Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Энергетик ўтиш даври: Ўзбекистон учун сабоқлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти қошидаги Энергетика дипломатияси ва геосиёсат маркази ташаббуси билан Энергетика вазирлиги, халқаро молия институтлари ва консалтинг компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик Палатаси вакиллари, ёқилғи-энергетика мажмуаси, энергетика хавфсизлиги ва минтақавий дипломатия соҳалари мутахассислари, шунингдек хорижий компаниялар раҳбарлари, талабалар иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, 2020-2030 йилларда энергетикани янада ривожлантириш миллий режасининг стратегияси ва устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар соҳанинг давлат ва умуман минтақанинг иқтисодий ривожланиши, фаровонлигидаги муҳим ролини таъкидладилар.

Муҳокама чоғида экспертлар анъанавий энергия манбаларига талаб юқорилигини ҳисобга олган ҳолда, долзарб вазифаларни тўлиқ амалга ошириш учун узоқ муддатли ва барқарор саъй-ҳаракат талаб қиладиган “яшил энергияга ўтиш” глобал интилиш асносида Ўзбекистоннинг алоҳида ролини қайд этишди. Энергия алмашинуви оралиқ босқичида қайта тикланадиган манбалар ҳали анъанавий манбаларни тўлиқ алмаштира олмайдиган даврда ишончли ва барқарор энергия таъминоти потенциал ечимлари ва стратегияларини ўрганиб чиқдилар.

Инфратузилма ва технологияларга вақт ва катта сармоя талаб қиладиган янги технологияларни интеграциялаш, муқобил манбаларга ўтиш, шунингдек мавжуд энергия тизимини босқичма-босқич мослаштириш зарурлиги қайд этилди.

Халқаро экспертлар Ўзбекистон ҳукумати энергетика комплексини ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий омили этиб белгилагани, соҳани чуқур модернизация қилиш ва ўзгартириш, жумладан геология-қидирув, ўзлаштириш, янги майдонлар, мавжуд ресурслардан фойдаланишни оптималлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этишди.

ЎзА мухбири Энергетик дипломатия хусусида нафақат мамлакатимиз, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига эга сиёсатчилар фикрини ёзиб олди.

Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори:

– Масала нима учун бугун бунчалик долзарб? Кўряпмиз: замон, ҳаёт тарзи, менталитет, ҳаёт темпи, барча-барчаси батамом ўзгаряпти. Бу жараён энергетика соҳасидаги инқилоб билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Сиёсатшунослар фикрича, биз энергетика жамиятида яшаяпмиз. Ҳатто, шундай бир ибора пайдо бўлди: урбанлашган, яъни шаҳар аҳолиси кун сайин ўсаётган жамиятда энергетика манбаларисиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Энергиясиз ҳаёт тўхтайди, самолёт учмайди, интернет ишламайди, иссиқлик бўлмайди, сув келмайди ва ҳоказо. Жамият учун ўта муҳим бу соҳани тизимли таҳлил этиш зарурати яққол кўриниб турибди. Шу билан бирга, нафақат тор маънодаги техник масалалар, балки геосиёсий муаммолар, ташқи алоқаларни ҳам ўрганиш шарт.

Энергетика – йирик соҳа. Иқтисодиёт ўсишининг ҳар бир фоизи энергетика ривожига тақалади. Энергетика, ўз навбатида, миллий хавфсизлик билан боғлиқ масала сифатида мамлакат ташқи сиёсати йўналишларини белгилайди, муайян давлатнинг мавқеини ҳам кўрсатади. Энергетика манбаси мавжуд юртнинг сиёсий мавқеи ҳам баланд бўлади.

Ҳозир жуда кўп тадқиқотчилар Ўзбекистонни минтақавий куч сифатида баҳоламоқда. Бу сўнгги йилларда юртимиз энергетикаси бошдан кечираётган ижобий ўзгаришлар ҳосиласидир.

Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси спикерининг биринчи ўринбосари:

– Ҳозирги дипломатия 5-10 йил аввалги анъанавий классик дипломатиядан кескин фарқланади. Бир неча йил олдин энергетик дипломатия юзага чиқишини ҳеч ким ўйламаган эди.

Парламент фаолияти билан дипломатик энергетика ўртасидаги боғлиқлик ҳақида гап кетганда, биринчи навбатда соҳадаги асосий халқаро ҳужжатлар ратификация қилиниши заруратини қайд этиш жоиз, Демак, биз халқаро майдондаги мажбуриятимизни бажаряпмиз.

Энергетика жуда кенг тушунча. Шунинг учун ҳам айни соҳадаги қоидалар, “яшил” энергетика бўладими ёки бошқа йўналиш, барибир қонун асосида, халқаро ҳуқуқ асосида тартибга солинади.

Жон Заиди, “Acwa Power” компаниясининг Ўзбекистондаги раҳбари:

– Компаниямиз аллақачон Ўзбекистонга 8 миллион доллардан ортиқ сармоя киритди ва бу кўрсатгични янада оширмоқчимиз. Инвестиция лойиҳаси ҳам тайёрланмоқда. Муҳими, яқинда биз юқори қувватга эга шамол станцияси қуриш бўйича шартнома имзоладик. Бу бутун дунёда ноёб лойиҳа ҳисобланади.

“Acwa Power” мамлакатингизда нафақат ишлаб чиқарувчи активларни таъминлаш, балки маҳаллий истеъдодлар салоҳиятини оширишга ҳам ҳаракат қиляпти. Бунинг учун Сирдарё вилоятидаги Ширин энергетика коллежига сармоя киритдик. Таълимга замонавий ёндашувдан келиб чиқиб, кўплаб маҳаллий ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз. Уларга кўпроқ техник билим берамиз. Шунда ёшлар келажак лойиҳаларини ишлаб чиқишда сиз-у, бизга кўмакчи бўлади.

Шунингдек, компаниямиз қуёш панели орқали ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб лойиҳалар амалга оширяпмиз.

Алоҳида қайд этишим жоиз, биз инвестор сифатида узоқ муддатли стратегик нуқтаи назарга эгамиз. Яъни, ҳамкорлигимиз қисқа муддатли эмас ва Ўзбекистондаги ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Бу ислоҳотлар муайян вақт талаб қилишини тушунамиз ва 13 мамлакатдаги тажрибамиздан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг энергетика салоҳиятини оширишга ҳисса қўшишни истаймиз. Бугунги давра суҳбати ҳам ана шу шерикликни янги босқичга олиб чиқиш учун хизмат қилади.

Ўткир АЛИМОВ, Дониёр ЁҚУБОВ (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech