Янги Ўзбекистонда уйғоқ қалбли зиёлилар камол топмоқда

“Тарихдан маълум, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ана шу ҳаққоний фикрлари 6 май куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида жойлашган Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори Қаландар Абдураҳмонов билан бўлган жонли мулоқотнинг асосини ташкил этди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов билан ўз вақтида ҳамфикр ва ҳамнафас бўлган, замондош, ҳам ижодий, ҳам сиёсий фаолиятида чамбарчас ҳамкорлик қилган меҳмонлар – икки академик иштирокидаги учрашув самимий руҳда ва савол-жавоб шаклида бўлиб ўтди.

Бугунги кунда мамлакатимизда адабиётга юксак эътибор берилаётгани, бевосита Президентимиз томонидан адабиёт аҳлига ҳар томонлама ғамхўрлик қилинаётгани мулоқот асносида юқори баҳоланди. Юртимизнинг турли ҳудудларида улуғ адиблар номи билан ижод мактаблари очилгани ва самарали фаолият юритаётгани бунга яққол мисолдир. Хусусан, Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчилари эришаётган ютуқлар эътироф этилди.

Ёшлар билан мулоқот асносида Қаландар Абдураҳмонов шоир Абдулла Орипов ҳақидаги "Буюклар каҳкашонида" китобининг қоғозга тушиши жараёнлари ҳақида сўзлаб берди. Акмал Саидов "Ўзбекистон – дилбар Ватаним", "Сен баҳорни соғинмадингми?" каби китобларида қайд этилган даҳо шоир билан боғлиқ хотираларга тўхталди.

Севимли шоиримиз асарларининг яратилиши жараёнлари, жумладан, Данте Алигьери қаламига мансуб "Илоҳий комедия" достони "Дўзах" қисмининг таржима қилиниши тарихига оид ҳикоялар ўқувчиларни бефарқ қолдирмади. Ёшлар Абдулла Орипов шахси, ҳаёти ва ижоди ҳақида илгари ўзлари ўқимаган, эшитмаган қизиқарли  маълумотларни тақдим этишгани учун ҳар икки таниқли олимга миннатдорчилик изҳор этдилар.

Ижодкор ўқувчилар Абдулла Ориповнинг "Ўзбекистон – Ватаним маним" шеърини инглиз, немис, рус, турк, тожик тилларида ўқиб беришди. Навқирон авлод вакилларининг ўз иқтидори ва истеъдодини намоён этиш борасидаги астойдил саъй-ҳаракатлари меҳмонларга манзур бўлди.

 Учрашув сўнгида академиклар ижод мактаби кутубхонасига 50 дан ортиқ ўзбек ва жаҳон адабиётига оид китоблар жамланмасини туҳфа этишди.

Ўз навбатида, меҳмонларга ўқувчиларнинг ижодий ишлари жамланган 2 та шеърий баёз ҳамда Абдулла Орипов шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар диски совға қилинди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Убайдулла Орипов ва Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Нилуфар Ўтаганова ҳам иштирок этди. 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech