Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳот ва инсон ҳуқуқлари

Кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини мустаҳкамлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга лойиқ.

Бу ҳақда фикр юритганда, жумладан, Ўзбекистон Президенти томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун айни йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарганини таъкидлаш лозим. Яқинда мазкур қонун қабул қилинганига бир йил тўлди.

Ушбу қонунга мувофиқ иккита Кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Бу ўринда:

  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 41-1-модда (шаҳвоний шилқимлик қилиш) ва 59-2-модда (оилавий (маиший) зўравонлик);
  • Жиноят кодекси 126-1-модда (оилавий (маиший) зўравонлик), шунингдек, 141-3-модда (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан тўлдирилгани ҳақида сўз бормоқда.

Ўтган даврда янги қонун ўз амалий натижаларини берди. Хусусан, биргина 2024 йилнинг 1-чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси билан шаҳвоний шилқимлик қилишда айбланган  318 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси билан эса оилавий ва маиший зўравонликда айбланган 4 минг 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларнинг 2 минг 344 нафарига жарима жазоси, 1 минг 999 нафарига маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

Жиноят кодексининг 126-1 ва 141-3-моддалари асосида ҳам бир қатор айбдор шахслар судланди. Уларнинг айримларига озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган бўлса, муайян қисмига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Мухтасар айтганда, кейинги йилларда юртимизда хотин-қизлар ва болаларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлашга давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда. Айни чоғда хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келаётгани эътиборга молик.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech