СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ – БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ МАҚСАДЛАРИГА ЭРИШИШДА КЎМАКЧИ

2024 йил 21 март – БМТ Бош Ассамблеясининг сунъий

интеллект  бўйича   резолюцияси   қабул қилинган  кун

  

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2024 йил 21 март куни сунъий интеллект бўйича А/78/Л.49-сонли резолюцияни қабул қилди. Ушбу резолюция "Барқарор ривожланиш учун хавфсиз, ҳимояланган ва ишончли сунъий интеллект тизимларининг имкониятларидан фойдаланиш" деб номланган.

Америка Қўшма Штатлари таклиф қилган резолюцияга 120 мамлакат ҳаммуаллиф ҳисобланади. АҚШнинг БМТ ҳузуридаги Доимий вакили Линда Томас-Гринфилд мазкур ҳужжатга овоз бериш натижаларини изоҳлар экан, дунё мамлакатлари сунъий интеллектнинг одамларни бошқаришига йўл қўймаслигини, шу нуқтаи назардан, айни тизим одамлар томонидан бошқарилишига қарор қилинганини қайд этди.

Бу – БМТнинг сунъий интеллект бўйича биринчи резолюцияси бўлиб, 13 та банддан иборат. Резолюцияда, жумладан:

  • мамлакатлар ўртасида ва ҳар бир мамлакатнинг ўзида сунъий интеллект ва бошқа рақамли технологиялар соҳасидаги тафовутларни бартараф этиш;
  •  барча манфаатдор томонларнинг айни йўналишда ўзаро ҳамкорлик қилиши ва ривожланаётган мамлакатларга ёрдам бериши;
  • рақамли трансформация ва сунъий интеллектнинг хавфсиз тизимлари қулайликларидан тенг ҳамда адолатли фойдаланишни таъминлаш;
  • сунъий интеллект тизимларининг янгидан-янги имкониятларини кашф этиш ва амалиётга татбиқ қилиш, бу жараёнда ҳар қандай тарафкашлик ва камситиш ҳолатларини бартараф этиш зарурлиги ҳақида сўз боради.

Резолюция муаллифлари эътироф этишича, сунъий интеллект БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга ёрдам беради. Бу ҳақда фикр юритганда, кейинги даврда сунъий интеллект қандай оламшумул даражада ривожланган бўлса, ўз навбатида, уни тартибга солишга қаратилган чақириқлар ҳам шундай кўламда изчил ортиб борганига эътиборни қаратиш лозим.

БМТнинг Сунъий интеллект бўйича маслаҳатлашув органи 2023 йил декабрь ойида айни шу масалалар юзасидан дастлабки оралиқ ҳисоботини тақдим этди. Маслаҳатлашув органи экспертларининг фикрича, сунъий интеллект имкониятларидан фақат аҳолининг муайян гуруҳларигина эмас, балки мутлақо барча аҳоли қатламлари фойдаланиши учун зарур шароитлар яратилиши даркор.

Сунъий интеллект демократияни рағбатлантиришнинг энг муҳим воситасига айланиш имконига эга. Чунки у орқали инсоният асрлар давомида тўплаган беҳисоб билимлардан барча бирдек фойдалана олади.

Қолаверса, сунъий интеллект соғлиқни сақлаш соҳасига жуда ижобий таъсир кўрсатади. Жумладан, касалликларнинг олдини олиш, мураккаб хасталикларга аниқ ташхис қўйиш ва бу жараёнларда сарфланадиган харажатларни кескин камайтиришда беминнат кўмакчи сифатида майдонга чиқади.

Шу билан бирга, сунъий интеллектни танқид қилувчилар фикрича, айни соҳадаги технологиялар тараққиёти интернетдаги шусиз ҳам оғир вазият янада ёмонлашишига, яъни одамлар осонгина ишонадиган ғирт ёлғон ахборот ҳажмининг ҳаддан ортиқ кўпайишига олиб келади. Бунинг оқибатида жамоатчиликнинг янгиликлар ва ахборотга бўлган ишончига узил-кесил путур етади.

Бинобарин, БМТ Бош Ассамблеясининг сунъий интеллект бўйича дастлабки резолюциясида ҳеч ким сунъий интеллектдан тинчликка таҳдид солиш ёки инсон ҳуқуқларини поймол этиш учун фойдаланишга ҳақли эмаслиги алоҳида уқтирилган. Сунъий интеллектни тартибга солиш ва инновациялар – бир-бирини инкор қилмаслиги, аксинча, ўзаро уйғун ҳамда чамбарчас боғлиқ тушунчалар эканлиги таъкидланган.

Резолюция талабига кўра, сунъий интеллект фаолияти билан боғлиқ барча автоматлаштирилган қарорлар ва тегишли жараёнлар инсон назорати остида бўлишини амалда таъминлаш тақозо этилади.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech