ЧЕКИШ ЁКИ СОҒЛОМ ҲАЁТ – ЎЗИНГ ТАНЛА!

Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий зарар етказади. Ушбу оддий ҳақиқат ҳаёт йўлларимизда қайта-қайта такрорланишига қарамасдан, афсуски, ҳозирги кунда бутун дунёда тамаки истеъмол қилувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Айниқса, вояга етмаган ёшлар ва хотин-қизлар орасида бу иллатнинг кенг тарқалаётгани аянчлидир.

Ҳар йили 31 май – Бутунжаҳон тамакисиз куни жаҳон миқёсида нишонланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 1987 йилда таъсис этган ушбу халқаро сана чекишни ташлаш бўйича глобал ҳамкорликнинг энг муҳим воқеасидир.

Бутунжаҳон тамакисиз кунини ўтказишдан бир қанча мақсадлар кўзланган. Хусусан, тамаки хавфи ҳақида бутун дунё бўйлаб хабардорликни ошириш, чекишни ташлашнинг афзалликларини тарғиб қилиш, чекишни ташлашда амалий ёрдам таклиф этиш, чекиш билан курашадиган соғлиқни сақлаш уюшмалари ва шифохона хизматларини рағбатлантириш, ёшларни тамаки маҳсулотларидан, айниқса, электрон сигарета каби янги маҳсулотлардан ҳимоя қилиш шулар жумласига киради.

Бу йил Бутунжаҳон тамакисиз куни “Тамаки эмас, озиқ-овқат етиштириш” мавзуси доирасида нишонланмоқда. Бинобарин, тамаки саноатининг атроф-муҳитга зарарли таъсири жуда катта бўлиб, унинг салбий оқибатлари муттасил ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, сайёрамизнинг шусиз ҳам чекланган ресурслари ва кучсизланган экотизимларига ортиқча юк бўлмоқда.

Рақамларга мурожаат қиламиз: сигарет ишлаб чиқариш учун бир йилда 600 миллионта дарахт кесилади, 22 миллиард литр сув ишлатилади, 84 миллион тонна карбонат ангидрид (СО2) гази атмосферага чиқади. Буларнинг барчаси бутун ер юзида ҳаво ҳароратининг янада кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Тамаки етиштириш нафақат қишлоқ хўжалиги ишчилари, балки барчамизнинг соғлиғимизга путур етказмоқда, боз устига ушбу иллатдан сайёрамиз беқиёс зарар кўрмоқда. Тамаки саноати эса тамакини бошқа экинлар билан алмаштиришга йўл қўймай, оқибатда глобал озиқ-овқат инқирози кучайишига ҳисса қўшмоқда.

Бу йилги тамакига қарши кампания, бир томондан, ҳукуматларни тамаки ишлаб чиқаришни субсидиялашдан воз кечишга ҳамда тежалган маблағларни қишлоқ хўжалиги корхоналарига озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун йўналтиришга, иккинчи томондан, одамларнинг овқатланишини яхшилаш учун янада барқарор экинларга ўтиш учун ёрдам беришга қаратилган.

Тамаки истеъмол қилишнинг зарарли оқибатларини у туфайли юзага келадиган касалликлардан ҳам билиш мумкин. Жумладан, тамаки истеъмол қилиш юрак-қон томир, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, асаб, жинсий безлар каби инсоннинг муҳим ички аъзоларига заҳарли таъсир қилади. Оқибатда миокард инфаркти, хафақон касаллиги, бронхларнинг сурункали яллиғланиши, яра ва саратон сингари кўпгина хавфли касалликлага олиб келади.

Кашандалик 17 хилдаги саратон касаллигига сабабчидир. Жумладан, 98 фоиз — қизилўнгач ёки томоқ саратони; 96 фоиз — ўпка саратони; 30 фоиз — бошқа турдаги саратон касалликлари; 75 фоиз — сурункали бронхит ва ўпка эмфиземаси; 25 фоиз — юрак-ишемик касалликлари; юрак касаллиги билан боғлиқ барча ўлимларнинг 20 фоизи айнан тамаки истеъмол қилиш натижасида келиб чиқади.

ЖССТ статистика маълумотларига қараганда:

  • тамаки чекувчиларнинг тенг ярми айнан шу иллат туфайли ўлим топади;
  • тамаки истеъмоли билан боғлиқ касалликлардан ҳар йили 8 миллиондан ортиқ одам вафот этади;
  • ушбу ўлим ҳолатларининг 7 миллиондан ортиғи тўғридан-тўғри кашандалик натижасида, 1,2 миллионга яқини эса чекмайдиганлар, яъни пассив чекувчилар орасида тамаки тутунининг таъсиридан келиб чиқади;
  • дунёдаги 1,3 миллиард нафардан ортиқ кашанданинг 80 фоиздан кўпроғи паст ва ўрта даромадли мамлакатларда яшайди;
  • 2020 йилда дунё аҳолисининг 22,3 фоизи, хусусан, эркакларнинг 36,7 фоизи ва аёлларнинг 7,8 фоизи тамаки истеъмол қилган. Бугунги кунда ушбу рақамлар янада ортиб бормоқда;
  • тадқиқотлар тамаки истеъмол қилувчилар уни ҳеч қачон истеъмол қилмаганларга нисбатан 10-15 йилга камроқ яшашини кўрсатган.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, тамаки истеъмол қилиш туфайли келиб чиқадиган салбий оқибатларнинг олдини олишга уриниш электрон сигареталар кенг тарқалишига олиб келди. Электрон сигарета нима ўзи?

Электрон сигарета – чилим, буғ генератори, вапорайзер ёки вайп сингари тамаки ўрнига махсус суюқлик картрижларидан фойдаланадиган чекиш мосламаси.

Чекишнинг ушбу янги шакли кўпинча ўсмирлар ва ёшлар томонидан маъқул кўрилмоқда. Бунга асосий сабаб эса, электрон сигареталарнинг дизайни, ихчам ўлчамлари ва шаклидир.

Қолаверса, турли ёқимли ҳид ва таъмлари уни истеъмол қилиш ҳолатини яшириш имконини беради. Ота-оналар ҳатто фарзанди электрон сигарета истеъмол қилаётганини пайқамайдилар ҳам.

ЖССТ экспертлари ва бошқа кўплаб мутахассислар ўз тадқиқотларида бундай турдаги электрон чекиш воситаларининг зарарли оқибатлари аёнлигини исботлаб бермоқда. Шу сабабли электрон чекиш воситалари тарқалишининг олдини олиш ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан ҳисобланади.

Дунё бўйлаб 800 миллионга яқин одам чекишни ташлашни хоҳлайди. Аммо бу унчалик осон эмасдек гўё. Чекиш кучли жисмоний ва руҳий қарамликни келтириб чиқаради.

Мутахассислар фикрича, инсон тамаки истеъмол қилишдан воз кечганда, унинг танасида қуйидаги жараёнлар юз беради:

  • охирги истеъмол қилинган сигаретадан атиги 20 дақиқа ўтгач, юрак уриши секинлашади;
  • 12 соат ичида қондаги углерод оксиди миқдори меъёрий даражагача тушади;
  • 2–12 ҳафта ичида қон айланиши ва ўпка фаолияти яхшиланади;
  • 1–9 ой ичида йўтал ва нафас қисиши аста-секин йўқолади;
  • 5–15 йил ўтгач, инсульт хавфи чекмайдиган одамга ўхшаш даражагача камаяди;
  • 10 йил ичида ўпка саратони ривожланиш хавфи тахминан икки баравар пасаяди;
  • 15 йил ичида юрак хасталигининг ривожланиш эҳтимоли чекмайдиганлар даражасига қадар тушади.

Инсоннинг саломатликка бўлган ҳуқуқини таъминлаш мақсадида барча давлатлар тамаки маҳсулотлари учун солиқларни ошириш, жамоат жойларида тамаки истеъмолини чеклаш ва рекламасини тақиқлаш каби зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Шу жумладан, куни кеча давлатимиз раҳбари “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Ушбу Қонунга кўра, жамоат жойларида тамаки маҳсулотлари, электрон сигарета ва чилим истеъмол қилиш тақиқланади. Яъни тамаки маҳсулотлари фақатгина очиқ ҳавода, бинолардан ташқарида истеъмол қилиш мумкин. Чилим ёки тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишга мўлжалланган бино ва иншоотлар эса махсус вентиляция тизимлари билан жиҳозланган бўлиши керак.

Қонунга биноан тамаки маҳсулотлари 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва улар томонидан, болаларга мўлжалланган товарлар сотиладиган хоналарда соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, спорт иншоотлари, санаторий ҳамда тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудларида, таълим, спорт ва диний ташкилотлардан 100 метрдан кам масофада жойлашган савдо объектларида, доналаб ёки очилган ҳолда сотилиши мумкин эмас.

Бир сўз билан айтганда, соғлигимиз – Яратганнинг бизга ато этган улуғ неъмати. Шу бебаҳо бойликни асраш учун тамакидан воз кечайлик. Биз чекадиган тамаки тутуни нафақат ўзимизнинг, балки атрофимиздаги бошқа инсонлар, айниқса, фарзандларимиз саломатлигига жиддий хавф туғдиришини эсдан чиқармайлик.

 

Рустам Атовуллоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бош юрисконсульти

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech