Конституция, миллат ва тил

Бугун Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз йил тўлди

Тил – бу жаҳон маданиятининг энг олий ютуғи бўлиб, у инсониятнинг ижтимоий-иқтисодий  ва  маънавий  камолоти  тарихини  акс  эттирувчи кўзгудир. Албатта, ҳар бир шахс ўз тилини танлаш ҳуқуқига, хоҳлаган тилда муомала қилиш ва таълим олиш ҳуқуқига эга. Лекин миллат бундай ҳуқуққа эга  эмас.  Миллат  учун  тилни  танлаш  ҳуқуқи  йўқ.  Унинг  учун  фақат  бир асосли тил борки, бу тилнинг йўқолиши миллат ўзининг йўқ бўлиши билан баробар.

Шу  ўринда  «миллат»  ва  «тил»  тушунчаларининг  ўзаро  муносабатига тўхталиб ўтиш лозим. Миллат (лотинча: «natio» – «қабила», «халқ» сўзидан) – индустриал  даврнинг  ижтимоий-иқтисодий,  маданий-сиёсий  ва  маънавий муштараклигидир.

«Миллат»  тушунчасига  қуйидаги  икки  асосий  ёндашув мавжуд: биринчидан, муайян давлат фуқароларининг сиёсий муштараклиги; иккинчидан, ягона тил ва тафаккурга эга этник муштараклик (битта ёки биргаликда яшайдиган бир нечта этнослар турмуш кечиришининг шакли).

Халқаро  ҳуқуқда  миллат  миллий  давлатнинг  синоними  ҳисобланади. «Миллат»  тушунчасини  «миллийлик»  тушунчаси  билан  алмаштириб юбормаслик керак.

Тил  миллатни  фарқлайдиган  универсал  белги  ҳисобланмайди: миллатнинг  ноёблиги  тил  ноёблиги  билан  албатта  бир  хил  бўлиши  шарт эмас.  Бир  тилда  сўзлашадиган  миллатлар  (немис,  инглиз,  араб,  серб-хорват) ҳам,  шунингдек,  ҳамма  ёки  деярли  барча  этник  гуруҳлар  учун  ўзга  тилда гаплашадиган  миллатлар  (ҳиндлар,  Хитой  ханлари)  ҳам  мавжуд.  Муайян миллатнинг салмоқли қисми вакиллари, лекин ўз миллати тилини билмайдиган халқлар ҳам бор.

Дунёда  7000  тадан  кўпроқ  тил  бор  деб  ҳисобланади.  Муомала ривожланиб  бориши  натижасида  тиллар  ҳар  икки  ҳафтада  биттаси  йўқолиб бориш  тезлигида  қисқармоқда. 

Жаҳонда  178  давлат  давлат  тилига  ва/ёки расмий тилларга эгадир. Айрим мамлакатларда (масалан, Албания, Франция, Украина,  Латвияда)  давлат  тили  ягонадир.  Бошқа  мамлакатларда  (масалан, Афғонистон,  Беларусь,  Бельгия,  Боливия,  Исроил,  Ҳиндистон,  Парагвай, Финляндия,  Швейцария,  Жанубий  Африка  Республикаси)  давлат  тиллари биттадан кўпдир.

Ироқ,  Италия,  Испания  ва  Россия  каби  айрим  мамлакатларнинг бутун  ҳудудида  битта  давлат  тили  мавжуд  бўлиб,  унга  қўшимча  равишда баъзи  минтақаларда  ҳам  давлат  тиллари  (масалан,  Татаристонда  татар  тили) мавжуд.  АҚШ  каби  баъзи  давлатлар  бутун  мамлакат  учун  давлат  тилига  эга эмас,  аммо  мамлакатнинг  бир  қисмида  (масалан,  АҚШ  штатларида)  давлат тили  бор.  Ниҳоят,  Австралия  ёки  Эритрея  каби  баъзи  мамлакатларда  давлат тили  тушунчаси  умуман  йўқ.  Бундай  ҳолатларда  амалда  бирор  асосий  тил, шунингдек,  у  ёки  бу  тиллар  қўлланилиши  белгилаб  қўйилган  қатор  расмий ҳужжатлар мавжуд бўлади.

Айрим мамлакатларда (Африкадаги давлатлар, шунингдек, Филиппин) ўтмиш  мустамлакасининг  мероси  сифатида  ушбу  давлатлар  миллий  тили бўлмаган  давлат  тиллари  ёки  ўқитиладиган  тиллар  (масалан,  француз  ёки инглиз  тили)  сақланиб  қолган.  Бу  мамлакатларда,  шунингдек  аҳолининг кўпчилиги гаплашадиган тиллар ҳам муомалада бўлади.

Бунинг  акси  сифатида  ирланд  тилини  келтириш  мумкин.  Ушбу тилда  мамлакатнинг  фақат  учдан  бир  қисмидан  камроқ  аҳоли  гаплашса ҳам,  у  миллий  тил  ва  ушбу  давлатнинг  биринчи  давлат  тили  ҳисобланади. Аҳолининг кўпчилиги гаплашадиган инглиз тилига келганда, у Ирландиянинг Конституциясида фақат иккинчи давлат тили деб белгиланган.

Ҳамиша  ҳам  давлат  тили  мақоми  ушбу  тил  расмий  иш  юритишда ҳуқуқий  жиҳатдан  кенг  қўлланилишини  англатмайди.  Жумладан, Франциянинг  араб  тилида  гаплашувчи  собиқ  мустамлакалари  (Марокаш, Жазоир, Тунис, Мавритания, Ливан) расмий равишда француз тилини давлат тили ёки расмий тил деб атамайди. Шунга қарамасдан, бу тил мазкур давлатларда расмий  жиҳатдан  кенг  қўлланилади. 

Жанубий  Африка  Республикасида  ўн битта расмий тил ёки Боливияда ўттиз еттита давлат тили бўлишига қарамасдан, уларнинг айримларигина расмий даражада ишлатилади.

Канада,  Бельгия  ва  Швейцарияда  федерал  даражадаги  расмий  тил федерациянинг  субъекти  ёки  муниципалитет  даражасида  расмий  мақомга эга бўлмаслиги ва, ҳатто, таъқиб қилиниши мумкин (Француз тили хартияси, Бельгиянинг маъмурий бўлиниши).

Россия  таркибига  кирувчи  Карелиядан  бошқа  барча  республикаларда қўшимча  равишда  ўз  давлат  тиллари  жорий  этилган.  Шуниси  қизиқарлики, карел тилига давлат тили мақомини беришнинг одатий тартибини қўллашнинг (республика Конститциясига шунчаки ўзгартириш киритишнинг) имконияти йўқ. Чунки бу ерда лотин ёзуви қўлланилади ва уни расмий жорий этиш учун алоҳида федерал қонун қабул қилиниши керак.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашганлиги сабабли  амалда  инглиз  тили  бошқа  тилларга  нисбатан  устунлик  қилиб,  тил камситилиши  ҳолатлари  учрайди.  Шунинг  учун  2007  йилда  испан  тилида гаплашувчи  мамлакатлар  БМТга  испан  тили  БМТда  тенг  қўлланишини таъминлаш талаби билан даъво аризаси берганлар.

Жаҳонда  ҳамма  нарса  тараққий  этиб  бормоқда  ва  тиллар  ҳам  бу жараёндан  орқада  қолмаяпти.  Айрим  тиллар  эскириб,  ўтмишга  айланмоқда, бошқалари эса китоблар ва фильмлар учун ўйлаб топилмоқда.

Ҳозирги пайтда 400 тадан кўпроқ тил йўқолиб кетмоқда, деб ҳисобланади. Тил сўнгги элтувчиси билан бирга ўлади. Шунинг учун ёзув қўлланмайдиган элатлар тиллари энг аввало йўқ бўлиш хавфи остидадир.

Тиллар  йўқолиб  кетишининг  асосий  сабабларидан  бири  –  уларнинг  ўз элтувчилар сони нотекис тақсимланганидадир. Жумладан, жаҳон аҳолисининг 80 фоиз улушига 80 та тил тўғри келади, 3 минг 500 та тилга эса – Ер юзидаги аҳолининг  атиги  0,2  фоизи  тўғри  келади.

Тиллар  йўқолиб  боришининг  яна бир  асосий  сабаби  –  глобаллашув  ва  миграция  жараёнларидир.  Одамлар қишлоқлардан  шаҳарларга  кўчиб  кетади  ва  оқибатда  ўз  миллати  тилини йўқотади.

Агар  тилни  шу  тилда  сўзлашадиган  болаларнинг 70  фоиздан  камроғи ўрганадиган  бўлса,  у  йўқолиб  бораётган  тил  ҳисобланади.  ЮНЕСКОнинг «Йўқолиб  кетиш  хавфи  остидаги  жаҳон  тиллари  атласи»  маълумотларига қараганда,  Европада  тахминан  50  та  тил  йўқолиб  кетиш  хавфи  остидадир. ЮНЕСКО 2009 йилда Россия ҳудудида муомалада бўлган 136 та тил йўқ бўлиб кетиш таҳдиди остида эканини қайд этган.

Энг  оммалашган  40  та  тилда  Ер  юзидаги  аҳолининг  тахминан учдан  икки  қисми  гаплашади.

Давлат  тили  –  энг  аввало,  муайян  давлат  Конституцияси  тилидир. Шунинг учун кодификациялашган Конституцияга эга бўлмаган давлатлар давлат тилига  ҳам  эга  эмас,  деб  ҳисоблаш  мумкин.

Кўпинча  давлат  тили  (расмий  тил) мазкур давлатнинг энг кўп сонли халқи (этник гуруҳи) тили бўлади. Айни пайтда қатор давлатлар қонунчилигида расмий давлат ҳужжатлари бошқа тилларда ҳам нашр этилиши кераклиги белгилаб қўйилган.

Расмий тил – бу давлат ёки халқаро ташкилотда имтиёзли мақомга эга бўлган тил. Расмий тил давлатнинг  ҳудудида  фойдаланилиши  мумкин  бўлган бошқа  тилларга  нисбатан  қонун  томонидан  ўрнатилган  энг  юқори  ҳуқуқий мақомга эга бўлади.

Давлатнинг  расмий  тилига  нисбатан  кўпинча  «давлат  тили»  атамаси қўлланилади. Бироқ айрим давлатларнинг раҳбарлари ва ҳукумат институтлари ушбу икки тушунчани фарқлашни талаб қилади.

ЮНЕСКО  экспертлари  1953  йилда  «давлат  тили»  ва  «расмий  тил» тушунчаларини фарқлашни таклиф этди:

биринчидан,  давлат  тили  –  мазкур  давлат  доирасида  сиёсий,  ижтимоий ва  маданий  соҳаларда  интеграциялаштириш  функциясини  бажарадиган,  ушбу давлатнинг рамзи бўлган тилдир;

иккинчидан,  расмий  тил  –  давлат  бошқаруви,  қонунчилик,  суд  иши тилидир.

Ушбу  икки  тушунча  тушунтириш тавсия  хусусиятига  эга  бўлиб,  барча мамлакатлар  учун  мажбурий  эмас.  Давлат  тили  (расмий  тил)  билан  озчиликни ташкил этувчи миллатларнинг болалари мактабда ўқитиладиган ва иш юритишда қўлланиши мумкин бўлган, расмий тан олинган тилни фарқлаш зарур.

Минтақавий  тил  –  бу  расмий  мақоми  бир  ёки  бир  нечта  маъмурий субъектлар:  федерал  округлар,  вилоятлар,  ўлкалар,  штатлар,  муниципалитетлар, туманлар,  қишлоқлар  ёки  давлатнинг  маъмурий  белгилаб  қўйилган  бошқа минтақаларида бутун давлат ҳудудида амалда бўлган расмий тил (давлат тили) билан бирга қўлланиладиган тил ёки тиллардир.

«Минтақавий тил» тушунчасининг ўзи сиёсатчилар ва тилшунослар учун тил билан шева тушунчаларини фарқлаш қийин бўлган яқин қардош тиллар ёйилган ҳолатларда, айниқса, муайян қийинчиликлар туғдиради. Бундай ҳолат Хитойда, Францияда, жанубий славян ва қисман Германия

минтақаларида, роман тилида сўзлашувчи мамлакатларда кузатилади.

Минтақавий  ва  озчиликни  ташкил  қилувчи  миллатларнинг  тиллари қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлиши тақозо этилади:

биринчидан,  муайян  давлат  ҳудудида  озчиликни  ташкил  қилувчи миллатларга мансуб, мазкур давлат фуқароларининг айрим ҳудуларда анъанавий фойдаланадиган тили бўлиши;

иккинчидан,  бу  тил  давлат  тилидан  (расмий  тилдан)  жиддий  равишда фарқ қилиши керак.

Шундай  қилиб,  Конституцияларда  тил  масаласи  муҳим  ўрин  тутади. Жумладан, Конституцияда муайян тилнинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилади.

(Академик Акмал Саидовнинг
“Ўзбекистон Конституцияси тарихи” китобидан)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech