Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан бола ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган янги ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури, “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳалари шулар жумласидандир.

Ушбу ишларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Президент қарорида Марказ зиммасига бу борада бошқа вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бажариладиган бир қатор вазифалар ҳам юкланган.

Хусусан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди. Ҳозирги вақтда мазкур қонун лойиҳаси regulation.gov.uz сайтида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунга – Омбудсман таркибида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилгани муносабати билан унинг фаолиятини янада такомиллаштиришга йўналтирилган;

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга – болага нисбатан ишлатиладиган тазйиқ ва зўравонликлар турлари ҳамда унинг олдини олишга оид чораларни, шунингдек, судгача ва суд жараёнида жиноят процесси иштирокчиси бўлган болаларни ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча кафолатларни назарда тутадиган;

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунга – ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобга олиш ўрнига, уларнинг жамиятга мослашувини таъминловчи механизмларни кўзда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир тегишли қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Жиноят кодексининг одам савдоси учун жавобгарликни назарда тутувчи 135-моддасини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига доир Факультатив протоколга (2000 йил 25 май, Нью-Йорк) мувофиқлаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси тайёрланди.

Миллий қонунчиликни ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсни ёлланма сифатида жалб этиш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, худди шунингдек ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш жинояти учун жавобгарликни оғирлаштирувчи нормалар билан тўлдириш юзасидан тегишли таклифларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига белгиланган тартибда киритиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Айни вақтда мазкур ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш жараёнлари изчил давом этмоқда.