Меморандум имзоланди: Бу ҳужжат билан Ўзбекистон ва Туркия инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги олтинчи йиллик семинари доирасида 7 октябрь куни яна бир расмий маросим ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раиси Сулейман Арслан ушбу икки ташкилот ўртасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида Меморандум имзоладилар.

 

Маълумот учун: ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов шу йил 29-30 апрель кунлари оилалар ҳимояси ҳуқуқига бағишлаб Анқара шаҳрида ташкил этилган симпозиумда иштирок этганди. Томонлар ўшанда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишиб олган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати

 

 

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти ўртасидаги ўзаро англашув

Меморандуми

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти, бундан кейин Томонлар деб аталади:

- БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги резолюцияси билан қабул қилинган Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича миллий институтларнинг мақоми ва фаолиятига тааллуқли  тамойилларни ҳисобга олган ҳолда,

- Томонларнинг БМТ Уставида ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мавжуд бўлган тамойилларга содиқлигини таъкидлаб,

- инсон ҳуқуқлари бўйича мазкур икки миллий институт ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга, инсон ҳуқуқлари соҳасида уларнинг ҳамкорлигини ривожлантиришга интилиб,

- инсон ҳуқуқ ва эркинликларини умумэътироф этиш муҳимлигини таъкидлаб,

қуйидагича ўзаро англашувга эришдилар:

 

1-модда

Томонлар ушбу Меморандумга ва ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ равишда тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаатлар асосида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.

 

2-модда

Ушбу Меморандум доирасида Томонлар қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорлик қиладилар:

- халқаро шартномаларга мувофиқ Томонларнинг миллий қонунчилик нормаларини мустаҳкамлаш;

- қўшма тадқиқотлар ўтказиш, инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ўқув дастурларида иштирок этиш;

- ўзаро манфаатли ахборот-маърифий ишларни биргаликда олиб бориш;

- икки давлатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш мақсадида Томонлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш ва кенгайтириш;

- Томонлар ўртасида келишилган ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари.

 

3-модда

Ушбу Меморандум бўйича ҳамкорлик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ривожлантириш соҳасида ахборот, қонун ҳужжатлари, ахборот-таҳлилий материаллар ва адабиётлар алмашинуви;

- Томонларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши борасида тажриба, ахборот ва таҳлилий материаллар алмашиш;

- иштирокчи давлат фуқароларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш;

- инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича тадқиқотлар ўтказишга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш;

- инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва тренинглар ўтказиш, шунингдек, Томонлар ходимлари учун ташрифлар, амалиётларни ташкил этиш;

- инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича қўшма нашрлар тайёрлаш ва нашр этиш;

- инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини олиб бориш;

- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мунтазам равишда икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш, Томонларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашиш;

- Томонлар ўртасида келишилган ҳамкорликнинг бошқа шакллари.

 

4-модда

Томонлар ва уларнинг ваколатли вакиллари ушбу Меморандум қоидаларининг бажарилишини назорат қилиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини аниқлаш учун учрашувлар ўтказиши мумкин.

 

5-модда

Томонларнинг ўзаро розилиги билан ушбу Меморандумга алоҳида баённомалар билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

 

6-модда

Ҳамкорликнинг молиявий ва ташкилий масалаларини ҳар бир ҳолатда Томонлар ўзаро алоҳида келишиб олади.

 

7-модда

Томонлар ўртасида Меморандумни қўллаш ёки шарҳлаш билан боғлиқ ҳар қандай низолар Томонлар ўртасидаги маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қилинади.

 

8-модда

Ушбу Меморандум Томонлар давлатлари учун халқаро ҳуқуқ бўйича мажбурий бўлган халқаро битим ҳисобланмайди. Ушбу Меморандумнинг бирон-бир қоидаси Томонлар давлатлари учун қонуний ҳуқуқлар ёки мажбуриятларни вужудга келтирувчи норма сифатида талқин қилинмайди ва амалга оширилмайди.

 

9-модда

Ушбу Меморандум имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва иштирокчилардан бирининг уни бекор қилиш тўғрисидаги ёзма билдиришномаси иккинчи иштирокчи томонидан олинган кундан бошлаб уч ой ўтгунга қадар амал қилади.

Меморандум 2019 йил “7” октябрда, Тошкент шаҳрида, икки нусхада, ўзбек, инглиз ва турк тилларида имзоланди, барча матнлар бир хил кучга эга.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази номидан

Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари

ва тенглик институти

номидан

 

______________

 

Директор

Акмал Саидов

 

_______________

 

Раис

Сулейман Арслан

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech