Тез-тез бериладиган саволлар ва жавоблар

Ишга қабул қилиш тартиби

Ноқонуний судланган шахснинг меҳнатга оид ҳуқуқлари қандай тартибда тикланади?

Асоссиз судланган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиши масаласи тегишли қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 310-моддаси 1-қисми ва Меҳнат кодексининг 271-моддаси 3–қисмида, ғайриқонуний равишда судланганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилиши муносабати билан ишдан (лавозимдан) четлатилган ходимга аввалги иши (лавозими) берилиши лозимлиги, бунинг имконияти бўлмаганда эса (корхона тугатилганлиги, штатлар қисқарганлиги) ёки ишга (лавозимга) тиклаш учун монелик қилувчи қонунда назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлган тақдирда, унга аввалги ишига (лавозимига) тенг бошқа иш (лавозим) берилиши кераклиги кўрсатилган.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 310-моддаси 2-қисмига асосан реабилитация этилган (оқланган) шахснинг қонунга хилоф равишда эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ёки уй қамоғида бўлган вақти, жазо ўтаган вақти, лавозимидан четлаштирилганлиги туфайли ишламай юрган вақти, тиббий муассасада сақланган вақти умумий меҳнат стажига ва ихтисослик бўйича иш стажига қўшилади.

Шахснинг меҳнат қилиш тўғрисидаги талаби қаноатлантирилмаган бўлса ёхуд шахс қабул қилинган қарорга рози бўлмаса, у тегишли талаб билан даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Реабилитация этилган (оқланган) шахсга етказилган мулкий зиён ким томонидан ва қанча миқдорда қопланади?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 38-бобида кўрсатилган қоидаларга кўра, реабилитация этилган (оқланган) шахсга қонунга хилоф ҳаракатлар билан етказилган мулкий зиён тўла ҳажмда қопланади.

Хусусан,

1) реабилитация этилган шахс ўзига нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар;

2) пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек суднинг ҳукми, ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати;

3) суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олинган ва йўқотилган мол-мулк қиймати;

4) суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар ва суд чиқимлари;

5) юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан адвокатлар бюросига, ҳайъатига ёки фирмасига тўланган пул, шунингдек унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа харажатлар молия органлари  томонидан (давлат бюджети хисобидан)қопланади.

Тўхтатиб қўйилган пенсия ва нафақалар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс жазо муддатининг кўп қисмини ўтаб бўлган бўлса, қандай тартибда авф этилади?

 

Ўзбекистон Республикасида судланган шахсларни авф этиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 08 май кунидаги ПФ-5439 сонли Фармони талабларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Фармон қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома маҳкум ёки жазони ўтаб бўлган шахс, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан афв этиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳуқуқи берилган шахс (орган)лар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма шаклда берилади.

Фармон билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида авф этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига кўра маҳкумларнинг авф этиш масаласида ёзган илтимосномалари жазони ижро этиш муассасаси раҳбариятига топширилади.

Ўз ўрнида муассаса маъмурияти маҳкумнинг илтимосномасини тегишли ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборади.

Вазирлик эса авф этиш тўғрисидаги илтимосномаларни дастлабки тарзда кўриб чиқувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Комиссияга юборади.

Шуни назарда тутиш лозимки, юқорида қайд этилган Низом талабларига биноан, афв этиш тўғрисидаги илтимоснома суд ҳукми қонуний кучга киргандан кейин қуйидаги муддатларда берилиши мумкин:

а) умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахс томонидан у тайинланган жазонинг йигирма беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин;

б) узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахс томонидан у тайинланган жазо муддатининг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг ўн беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин;

в) бошқа жазога ҳукм этилган шахс томонидан ўталган (ижро этилган) жазо муддати (ҳажми)дан қатъи назар, ушбу банднинг “г” бандида кўрсатилган шахслар бундан мустасно;

г) илгари амнистия акти асосида жиноий жавобгарликдан озод этилган, шартли ҳукм қилинган, муддатидан илгари шартли равишда, амнистия акти ва афв этиш асосида жазодан озод қилинган, шунингдек, ўзига нисбатан енгилроқ жазо билан алмаштириш қўлланилган ҳамда яна қасддан жиноят содир этган шахс, худди шунингдек, ўта хавфли рецидивист томонидан у тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, ушбу банднинг “а” ва “б” кичик бандларида кўрсатилган шахслар бундан мустасно.

Тошкент шаҳрида пропискаси йўқ фуқаролар ҳам ишга жойлашиши мумкинми? Бунинг тартиби қандай?

Тошкент шаҳрида пропискаси йўқ фуқаролар ҳам ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси “Айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2019 йил 9 январ кунидаги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 80-моддасининг 3-қисми янги таҳрирда қабул қилинди. Янги нормага кўра, агар ишга кираётган шахснинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати ҳақиқий бўлмаса, уни ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин. Шу даврга қадар амалда бўлган қоидада эса ишга кираётган шахснинг паспорти ҳақиқий бўлмаса, худди шунингдек ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин эди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 223²-моддаси чиқариб ташланди. Яъни, паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан фуқароларни, худди шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги норма бекор қилинди.

Қайд этилганларга кўра, корхона, ташкилот ва муассаса маъмурияти Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлмаган шахсларни ҳам ишга қабул қилиш мумкин.

Маълумки, жисмоний ва юридик шахслар томонидан судларга мурожаат қилинганда давлат божи ва почта ҳаражатларини тўлайдилар.

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларида жисмоний ва юридик шахсларнинг судларга мурожаат қилишларида давлат божи тўловларидан озод қилинишига доир қоидалар мавжуд.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг  2§ давлат божини тўлашдан озод қилиш масаласига бағишланган бўлиб, ушбу параграф қоидаларига кўра, давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати ушбу Қонун билан белгиланган.

Яъни, Қонуннинг 8-моддасида, фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинадиганлар;

9-моддасида, иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинадиганлар;

10-моддасида эса, маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинадиганлар рўйхати кўрсатиб ўтилган.

Мазкур Қонун 2020 йил 6 январь куни қабул қилинган бўлиб,  2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган давлат божини тўлашдан озод қилиш ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучда қолади.

Фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов Кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Конституциянинг 117-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар сайланганидан сўнг бир ой ичида улар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Сайлов ўтказиш тартиби қонун Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддасига асосан мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари белгиланган.

Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклиф давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига биноан қўйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмаслиги ҳолатлари қайд этилган.

аноним мурожаатлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

мазкур Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

Мурожаатлар кўрмай қолдирилганда тегишли хулоса тузилади, у давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тасдиқланади.

Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.

Ер участкаларини олиб қўйиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори талаблари асосида амалга оширилади.

Ушбу қонун ҳужжатларига кўра,

Ер участкаси ёки унинг бир қисми (кейинги ўринларда ер участкаси деб аталади) давлат ва жамоат эҳтиёжлари, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйилиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашлари қарорига биноан амалга оширилади.

Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаси олиб қўйилиши ҳақидаги қарорни қабул қилишга фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан йўл қўйилади.

Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарори асосида ташаббускор ҳамда мулкдор ўртасида Келишув тузилганидан ҳамда Келишувда назарда тутилган компенсация берилганидан сўнг қабул қилинади, қурилаётган кўчмас мулкни компенсация сифатида бериш ҳоллари бундан мустасно.

Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси адлия органлари томонидан кўриб чиқилиши ва тегишли хулоса берилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.

Кодексда белгилаб қўйилган нормаларга кўра,

Боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.

Бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.

Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир. Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаганда айбдор ота-онага нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилади. Суднинг ҳал қилув қарори қасддан бажарилмаган тақдирда суд боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг талабига биноан бола манфаатларини ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда болани унга бериш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда видеоконференцалоқани амалга оширишнинг техник имконияти бўлган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар суднинг видеоконференцалоқа режимидаги мажлисида бу ҳақда ўзлари илтимоснома берганда ёки суднинг ташаббусига кўра иштирок этиши мумкин. Кўрсатилган шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиши тўғрисида суд ажрим чиқаради, ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга, одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга ва ўз кўмагида ушбу шахслар бундай мажлисда иштирок этиши мумкин бўлган тегишли судга юборилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи ёки жойлашган ери ва турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан фойдаланилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди, гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги тўғрисида улардан тилхат олади. Мазкур тилхат у олинган кундан кейинги кундан кечиктирмай суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйиш учун ишни кўраётган судга юборилади.

Ҳар бир одам инсон ҳуқуқлари масаласини БМТнинг эътиборига ҳавола қилиши мумкин ва дунё бўйлаб ҳар йили минглаб одамлар буни амалга оширадилар. Халқаро инсон ҳуқуқлари шартномаларида кўрсатилган ҳуқуқлар бузилишининг қурбонига айланган шахсларга якка тартибда шикоят қилишнинг тартиб-қоидалари мавжуд. Шикоятчилар БМТга ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида ўзларининг даъволарини “асосий” деб ҳисобланадигон тўққизта инсон ҳуқуқлари шартномаларидан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган олтитасида тақдим этишлари мумкин. Ушбу олтита шартномаларда қуйидаги масалалар кўриб чиқилган:

1) Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда белгиланган фуқаровий  ва сиёсий ҳуқуқлар;

2) қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шавқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенцияда белгиланган қийноққа солиш ва шавқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган муомала ёки жазо;

3) Ирқий камситилишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция томонидан белгиланган ирқий камситиш;

4) Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция томонидан белгиланган гендер камситиш;

5) Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва унинг факультатив баённомаси билан белгиланган иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар.

6) Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва унинг факультатив баённомаларида кўрсатилган боланинг ҳуқуқлари.

Шикоят механизмлари мутахассис бўлмаган оддий одамлар фойдаланиши учун мўлжалланган. Муайян шартнома бўйича шикоят қилиш учун сизга ҳуқуқшуноз бўлишингиз ёки ҳатто ҳуқуқий ва техник шартларни билишингиз шарт эмас.

Шуни таъкидлаш керакки, шикоятга қўйиладиган талаблардан бири жабрланувчининг барча ички ҳуқуқни муҳофаза қилувчи воситалардан рад жавобини олган бўлишлиги лозим.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech