Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси (ТҚКБ)нинг аъзо давлатлар иштирокида ташкилотнинг 2-чоракдаги фаолияти якунига бағишлаб ўтказилган брифингида иштирок этди.
Бошқарма директори вазифасини бажарувчи Мауро Миедико раҳбарлигида гибрид форматда ташкил этилган тадбирда БМТ бўлинмалари раҳбарлари, хусусан инсон ҳуқуқи бўйича олий комиссар идораси, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Аёллар тузилмаси, шунингдек Интерпол, ХВЖ ва ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари иштирок этди.
Мауро Миедико брифингни очар экан, халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатига қарамай, террор гуруҳлари тинчлик ва барқарорликка таҳдид солаётгани, уларнинг фаолияти кенгайиши хавфи сақланиб қолаётганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, ушбу таҳдидларга қарши ҳамкорлик қилиш жуда муҳимлиги айтилди. Таъкидланишича, айни йўналишда Терроризмга қарши кураш бошқармаси давлатларга ҳар томонлама ёрдам бермоқда.
Шу аснода Мауро Миедико жорий йил май ойида Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати кўмагида уюштирилган Қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масаласи бўйича Марказий Осиё Минтақавий экспертлар кенгаши биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилганига алоҳида урғу берди.
– Тадбир Марказий Осиё давлатлари учун фуқароларни зиддиятли ҳудудлардан репатриация қилиш бўйича тажриба ва ахборот алмашишда ўзига хос платформа ҳисобланади, – деди БМТ вакили.
Тадбирда сўзга чиққан СМТИ директори Элдор Арипов Ўзбекистон Республикасининг БМТ билан ҳамкорлигини фаол ривожлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканига эътибор қаратди.
– Буни Бош котиб Антониу Гутерриш куни кеча Тошкентга амалга оширган ташрифи ҳам яққол намоён этди, деди Ўзбекистон вакили. – Анжуманда икки томонлама ҳамкорлик кун тартибидаги кенг кўламли масалалар, жумладан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш жараёни муҳокама қилинди.
Шу нуқтаи назардан СМТИ директори Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тузилган Минтақавий экспертлар Кенгашининг аниқ мақсади ва вазифаси ҳақида маълумот берди. Тузилма фаолияти минтақавий ҳамкорликни институционаллаштириш, терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Э.Арипов жорий йил аҳоли радикаллашувига қарши курашда маҳаллий ҳамжамият иштироки бўйича Конференция ҳамда Минтақавий экспертлар Кенгаши иккинчи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилгани тўғрисида маълум қилди. Йиғилиш доирасида келгуси фаолият режаси тасдиқланади. Шу муносабат билан СМТИ директори кенг доирадаги экспертлар ва фуқаролик жамияти вакилларини бўлажак тадбирга таклиф қилди. Маърузаси якунида Ўзбекистон БМТ ТҚКБ билан томонларни қизиқтирган барча соҳаларда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади.
Ўз навбатида, БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси директори вазифасини бажарувчи жаноб Mиедикo давлатимиз раҳбариятига Марказий Осиёда Минтақавий экспертлар Кенгашини ташкил этишдаги муҳим роли учун миннатдорлик билдирди.
– Биз минтақавий экспертлар Кенгашига мамлакатлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, қуролли можаро зоналаридан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилишдек жуда муҳим масалалар бўйича ҳамкорлик модели сифатида қараймиз, – деди у. – Бошқарма Кенгаш фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашига ишонч билдираман.
ТҚКБ томонидан ҳар чоракда ўтказиладиган брифинг БМТнинг 2010 йил 3 сентябрдаги резолюцияси билан таъсис этилган. Ушбу тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад айни йўналишдаги замонавий тенденция ва стратегик устуворлик, Бошқарма мандатини Глобал аксилтеррор стратегиясига мувофиқ амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
Ғ.Хонназаров тайёрлади. ЎзА
- Қўшилди: 04.07.2024
- Кўришлар: 1580
- Чоп этиш